Оқимли видео намойиш қилиш дастури Periscope’да яқин орада намойишлар бўйича қидирув, дронлардан видео намойиш қилиш ва видеони бир кундан кўпроқ вақт сақлаш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳақда матбуот баёнотида маълум қилинди. 

Намойишлар бўйича қидирув теглар ёрдамида амалга оширилади. Стример қидиришга намойиш мавзусини бериши мумкин, шундан кейин унга тегишли хештег қўшилади. Теглар бўйича қидиришдан ташқари, Periscope дастури First Scope бўлимидаги хизмат фойдаланувчиларининг биринчи намойишларини, GoPro камералари ва дронлардан стримларни (видео ва аудио кетма-кетлик) тегишли бўлимларда сақлаш имкониятини синовдан ўтказмоқда.

Стримларни 24 соатдан кўпроқ вақтга сақлаш имконияти аввалроқ эълон қилинганди, бироқ номида #save хештеги бўлган намойишларгина сақланганди. Энди эса барча намойишлар Periscope ва твиттерда барча изоҳлар ва лайклар билан автоматик равишда сақланади. Фойдаланувчи агар истаса ўз стримини ўчириши ёки созламаларда 24 соатдан кейин автоматик ўчириш функциясини ёқиб қўйиши мумкин.