Огюст Роден (1840-1917) муаллифлигидаги “Абадий баҳор” скульптураси Нью-Йоркда, Sotheby's аукционида рекорд даражадаги маблағ  - 20,4 миллион долларга сотилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилди. 

Буюк Британия аукцион уйи маълумотига кўра, экспертлар асарни 12 миллион долларга баҳолашганди. 

Роден шедеврлари аввалги рекорди шу йил февраль ойида Лондонда ўрнатилган эди. Ўз пайтида актёр Силвестр Сталлоне коллекциясида бўлган “Ирис – маъбудлар элчиси” фигураси 16,7 миллион долларга сотилган.

Одатда Клод Моне асарларига талаб юқори бўларди. Унинг учта сурати энг қимматбаҳо асарлар ўнталигига кирган. 

Нью-Йоркда импрессионизм ва замонавий санъат асарлари кимошди савдосининг биринчи куни 62та лот савдога қўйилди. Уларнинг учдан бир қисмига харидор топилмади. Даромад 144,4 миллион долларни ташкил этди. Sotheby's эса 165 миллион доллар фойдани кўзлаган эди.