Америка Қўшма Штатлари ҳарбий хизматчилари орасида ўтказилган ижтимоий сўровнома натижаларига кўра, мамлакат президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп Демократик партия вакили Ҳиллари Клинтонга қараганда 2 баравар машҳурроқдир. Бу ҳақда The Military Times хабар ёзган.

Маълумотларга кўра, америкалик ҳарбийларнинг 54 фоизи Трамп учун овоз беришга тайёр бўлса, уларнинг атиги 25 фоизи Клинтон номзодини қўллаб-қувватлашини билдирган. Бунда, сўралганларнинг 21 фоизи номзодлар орасида фақатгина Клинтон ва Трамп қолгудек бўлса, овоз бериш жараёнида иштирок этмаслигини айтишган. 

Қайд этилишича, Берни Сандерс учун аскарларнинг 38 фоизи овоз беришга тайёр. Партиядош ҳарбийларнинг 82 фоизи Трампни, демократик партияга аъзо ҳарбий хизматчиларнинг 72 фоизи эса Клинтон номзодини қўллаб-қувватлашларини билдиришган.

Сўровда 951 нафар ҳарбий иштирок этган. 

Апрель ойида ўтказилган бошқа бир ижтимоий сўровда америкаликларнинг Трампга нисбатан Клинтонга кўпроқ ишонишлари маълум бўлган эди.