Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қарори билан Ўзбекистон МДҲ ҳудудида балоғатга етмаган фуқароларни ўзининг доимий яшаш мамлакатига қайтариш ҳақидаги протоколга қўшилиши тасдиқланди.

МДҲ мамлакатлари орасида вояга етмаганларни қайтариш ҳақидаги шартнома 2002 йилнинг 7 октябрида имзоланган эди.

2015 йилнинг 30 октябрида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари вакиллари учрашувида ушбу шартноманинг бошқа мамлакатларда ноқонуний равишда яшаётган, балоғатга етмаган ўсмирларни ўз ватанига қайтариш вақтида пайдо бўладиган харажатлар тартибини белгилаш бўйича ижроий протоколи имзоланган эди.

Президент ИИВга ушбу шартнома бўйича Ўзбекистон мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажариш таъминланишини назорат қилишни топширди.

Шунингдек, Ислом Каримов Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон ушбу халқаро шартнома бўйича тегишли жараённи бошлагани тўғрисида депозитарийга билдиришнома жўнатишни топширган.