Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки ҳузурида жаҳон бозорлари, инвестициялари ва технологияларини ўрганиш билан шуғулланувчи Марказ ташкил этилади. 

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати шу ҳақдаги «Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки ҳузурида жаҳон бозорлари, инвестициялари ва технологияларини таҳлил қилиш Марказини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. 

Ҳужжатни қабул қилишдан мақсад, жаҳон бозорларини чуқур ўрганиш, ривожланган давлатларнинг илғор технологияларини ўрганиш ва шу асосда  маҳаллий иқтисодиётнинг аниқ соҳаларидаги инвестицион фаолият хусусида батафсил тавсияларини ишлаб чиқишни йўлга қўйишдир. Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаларини шакллантиришда уларнинг иқтисодий ва технологик шартларини самарали тайёрлашни кўзда тутади. 

Шунингдек, ҳукумат қарорига кўра, Марказ фаолиятини маъмуриятлараро мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг таркиби ҳам тасдиқланган. Ушбу гуруҳга, Миллий банк бошқаруви раиси Саидаҳмад Раҳимов раҳбар этиб тайинланди.

Қарорга мувофиқ, Мувофиқлаштирувчи гуруҳ Марказ таҳлилий фаолиятининг асосий йўналишлари ва мавзусини аниқлаб беради ҳамда ўз йиғилишларида унинг ҳисоботларини қабул қилади.