Узоқ Шарқнинг уч ҳудудида ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. Бир сутка давомида 11 гектар ўрмон ёниб кетган. Бу ҳақда Узоқ Шарқ федерал округи бўйича ўрмон хўжалиги матбуот хизмати маълум қилди.

"Интерфакс" хабарига кўра, ўтган кун давомида Узоқ Шарқда 28та ўрмон ёнғини содир бўлди. Округда бир кунда 66та ёнғин ўчоғи пайдо бўлди. 

Хабарга кўра, Амур вилоятига энг кўп зиён етган. Бу ерда 9,5 минг гектар ўрмон ҳудудида 42та ёнғин содир бўлган. Шунингдек, Хабаровск, Примор ўлкаси, Магадан вилояти, Саха республикасида (Ёқутистон) ҳам ёнғинлар юзага келган. 

Ёнғинларни бартараф этиш учун бир кунда 1197 киши, 219та техника ва 12та учиш қурилмалари жалб этилди. Асосий кучлар вазият ҳамон қалтислигича қолаётган Амур вилоятига йўналтирилди. 

“Сешанба тонгига қадар 31та ёнғин бартараф этилди. 35 ёнғин ҳамон давом этмоқда – 25 таси Амур вилоятида, 8 таси Хабаровск ўлкасида, 2 таси Магадан вилоятида”, дея аниқлик киритилади хабарда. 

2016 йилнинг ёнғин хатари даражаси юқори бўлган мавсумида Узоқ Шарқда 116 минг гектар ўрмон ҳудудларида 579та ёнғин келиб чиқди. Ўтган йилнинг шу даврида эса округда 119 минг гектар майдонда 492та ўрмон ёнғини қайд этилган.