Американинг Оҳайо штатида ғоз ўз боласини қутқариш учун полиция ходимини ёрдамга чорлаб мурожаат қилди. Бу ҳақида WKRC-TV портали маълум қилди. 

Сержант Жеймс Гивенснинг сўзларига кўра, ғоз автомобиль ёнига келганида, у машина ичида бўлган.

"Одатда қушлар бу қадар яқинлашмаслар-да, ғоз эшикни тўхтовсиз чўқирди. Шундан сўнг у четроққа ўтиб менга қаради. Унинг кетидан борганимда,  боласининг арқонга ўралиб қолганини кўрдим", - деди полициячи.

Сержантнинг ёнидаги ҳамкасби Сесилия Чэррон ғоз боласини озод қилди. Гивенсни қушнинг инсон билан ўзини хотиржам тутиши ажаблантирди. "Мен доим ғозлар одамлардан қўрқади ва агар уларнинг болалари ёнига яқинлашсам, ҳужум қилишади деб ўйлардим", - қўшимча қилди у.