Англия Премьер-лигасининг 35-турининг қолдирилган баҳси доирасида «Вест Ҳэм» ўз майдонида, «Болейн Граунд» ўйингоҳида «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилди.

Дастлабки 20 дақиқа давомида мезбонлар жуда катта устунликка эга бўлишди ва ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Лансини чап қанотдан жарима майдончасига кирди ва орқароққа узатма берди. Сако йўллаган зарба натижасида тўп Блиндга бироз тегди ва Де Хеа қўриқлаётган дарвоза бурчагига бориб тушди. Энди Кэрролл эса яккама-якка вазиятда Давид де Хеани доғда қолдира олмади. 

Иккинчи бўлимда, 51 ва 72-дақиқаларда «МЮ» яратган иккита вазиятнинг ҳар иккаласидан Антони Марсиял унумли фойдаланиб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 

Ўйиннинг қолган қисми ўта шиддатли кечди ва «Вест Ҳэм» етакчиси Димитри Пайенинг узатмаларини Майкл Антонио ва Уинстон Рид бош билан «МЮ» дарвозасига жойлашди.

Шу тариқа, «Вест Ҳэм» «Болейн Граунд» стадионидаги сўнгги ўйинда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Славен Билич шогирдлари Европа лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилишди. Манчестерликлар эса катта эҳтимол билан келаси мавсумда ЕЧЛда эмас, Европа лигасида эса қатнашади. 

Мазкур беллашувдаги ғалаба «Манчестер Юнайтед»ни кучли тўртликка олиб кириши мумкин эди. Эндиликда, 37-турдан кейин «Манчестер Сити» 65 очко билан 4-ўринни эгаллаб турган бўлса, «Манчестер Юнайтед» ҳисобида 63 очко мавжуд.

Сўнгги турни «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Борнмут»га қарши ўтказади. Лондондаги мағлубиятидан кейин клуб «Арсенал»дан ўзиб кетиш ва 3-ўринни қўлга киритиш имкониятини қўлдан бой берди. Бироқ 4-ўринни эгаллаш учун назарий имконият сақланиб турибди. 

Жамоанинг тўртинчи ўрин учун рақобатчиси «Манчестер Сити» сўнгги турни Уэльсда «Суонси»га қарши ўтказади. Айни вақтда 3-ўринда жойлашган «Арсенал» сўнгги турда лига билан хайрлашган «Астон Вилла»ни қабул қилади. Венгер шогирдларининг 2-ўрин учун курашдаги рақобатчиси «Тоттенҳэм» эса сўнгги турни лигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб бораётган Рафаэль Бенитес бошқарувидаги «Ньюкасл» майдонида ўтказади.

АПЛ. 35-турнинг қолдирилган ўйини
Вест Ҳэм – Манчестер Юнайтед 3:2 (1:0)
Голлар: 1:0 – 10 Сако, 1:1 – 51 Марсиял, 1:2 – 72 Марсиял, 2:2 – 76 Антонио, 3:2 – 80 Рид. 
Вест Ҳэм – Рэндолф, Огбонна, Рид, Крессуэлл, Лансини (Обианг, 84), Антонио, Нобл, Куяте, Пайе (Валенсия, 90), Сако (Томкинс, 85), Кэрролл.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Блинд, Смоллинг, Рохо, Валенсия (Янузай, 87), Мата, Шнайдерлин (Кэррик, 46), Эррера (Лингард, 83), Марсиял, Руни, Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Марсиял (58), Кэрролл (69), Валенсия (70), Эррера (75).