Лондонда яшовчи ва PricewaterhouseCoopers (PwC) аудиторлик фирмаси қабулхонасида котиба бўлиб ишлаган Никола Торпдан ишхонада пошна туфли кийишдан бош тортгани учун ўз ўрнини бўшатишини сўрашди. Бу ҳақда 11 май куни The Daily Mirror нашри хабар берди

Торпнинг айтишича, иш вақтида супервайзер у камида беш сантиметрлик пошна туфли кийиб юришга мажбурлигини айтган. Эркак кишиларга таги ясси пойафзал кийиш мумкинлиги сабабли бу талабни таҳқирлаш деб атаган 27 ёшли Торпнинг эътирози устидан кулишди. 

Аёлга яқин орадаги дўконга янги туфли олиб келиш таклиф қилинди, бироқ у рад жавобини берди. Шундан кейин ундан иш жойини бўшатиб қўйиш сўралган. Шунингдек, Торпга иш ҳақи тўланмаган.

Аёл шу воқеадан кейин Parliament.uk сайтида иш берувчиларга ходималаридан баланд пошналик туфли кийиб юришни талаб қилишни тақиқлашга  чорловчи арзномани чоп этган. Агар бу таклиф 100 минг имзо йиғса, у мамлакат парламентида кўриб чиқилади. Айни вақтда Торпнинг ташаббуси 20 мингдан кўпроқ овоз йиғди.  

2015 йил сентябрда мусулмон эътиқодидаги стюардесса Чари Стэнли парвоз вақтида спиртли ичимликларни буюртма қиладиган йўловчиларга хизмат кўрсатишдан бош тортгани учун ExpressJet авиакомпаниясидан бўшатиб юборилган. Аёл АҚШнинг Бандлик ва тенг имкониятлар муаммолари бўйича комиссиясига иш берувчининг таҳқирлаши юзасидан шикоят аризаси топширди ҳамда буни "ҳеч ким меҳнат фаолияти ва диндан бирортасини танламаслиги кераклиги" билан изоҳлаган.