“Универсида – 2016” спорт ўйинлари муносабати билан Фарғона вилоятида кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, янги спорт иншоотлари барпо этилиб, кўплаб спорт мажмуалари таъмирланди. Фарғона шаҳрида ёпиқ сув спорти саройи фойдаланишга топширилди. Фарғона давлат университетида спорт-соғломлаштириш мажмуаси қад ростлади. Фарғона Олимпия захиралари коллежининг спорт заллари ҳам таъмирдан чиқарилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Фарғона политехника институтининг 4 талабалар турар жойи ва 600 ўринли ошхонасида қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида 1400 дан ортиқ туп кўчат ўтқазилиб, арча, каштан, ҳинд сирени, фарбиция сингари манзарали ва бутасимон дарахтларга уйғун ҳолда равон йўлаклар барпо этилди. 

Айни пайтда вилоят терма жамоаси финал босқичига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. 

“Универсиада – 2016” ташкилотчилари томонидан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишга ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, мусобақа қатнашчилари учун концерт дастурлари намойиш этилади, маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил қилинади.