Франциядаги 7та касаба уюшмалари раҳбарлари 17 ва 19 май кунлари умуммиллий норозилик акцияси ўтказишларини эълон қилишди. Улар ҳукуматнинг мамлакат парламентини четлаб ўтган ҳолда меҳнат қонунчилигида ислоҳотлар ўтказишига қарши шундай йўл тутишмоқчи, деб ёзади Le Figaro газетаси.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари яқин ҳафталар ичида ислоҳот лойиҳасига қарши бошқа акциялар ўтказиш имкониятини ҳам рад этишмаяпти. 

Касаба уюшмалари ҳукумат таклиф этаётган ислоҳотларга қарши чиқмоқда. Улар парламент депутатлари маъқулламасдан, лойиҳани ижро этиш мумкин эмас, деб ҳисобламоқда. 

10 май куни Франция ҳукумати мамлакат Асосий қонунининг 49.3 моддасидан фойдаланган ҳолда лойиҳани маъқуллаш ниятида эканини билдирган эди. Унга кўра, вазирлар маҳкамаси айрим талабларни бажарган ҳолда қонун лойиҳаларини парламент муҳокамасига киритмасданоқ қабул қилишлари мумкин. 

Ҳукумат Меҳнат қонунчилиги лойиҳаси борасида ушбу имкониятидан фойдаланиш ниятида. Чунки Меҳнат қонунчилиги ислоҳотлари ҳукуматни бошқараётган социалистлар орасида ҳам турли қарашларга сабаб бўлмоқда. 

Французлар аллақачон Меҳнат вазири Мириам Ал Комри томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага ўз норозиликларини билдириб, намойишлар ўтказишган. 

Қонун лойиҳасига кўра, иш берувчилар иш соатларини эркин белгилаш ҳамда қўшимча иш соатлари учун ҳақ белгилашда касаба уюшмаларини четлаб ўтган ҳолда бевосита ишчининг ўзи билан келишиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Шу билан бирга, ишчиларни бўшатиш жараёнини ҳам соддалаштириш кўзда тутилган. 

Касаба уюшмаларининг фикрича, қонун лойиҳаси ҳукумат таъкидлаётгандек, ишсизликка қарши курашда ёрдам бериш ўрнига, биринчи навбатда меҳнат шароитларини ёмонлашувига олиб келади.