Австралиянинг Квинсленд штатида ИШИД назорати остида бўлган ҳудудларга океанлар сувларини кичик қайиқ орқали сузиб ўтиб бормоқчи бўлган 5 киши тўхтатилди ва қўлга олинди. Бу ҳақда 11 май куни BBC News хабар тарқатган.

Австралия радиоэшиттиришлар корпорацияси маълумотига кўра, қўлга олинганлардан бири таниқли тарғиботчи Муса Черантонио. Ундан ташқари 2015 йилда Мельбурн радиоси орқали мамлакатдан кетишни истаётгани, аммо ҳукумат паспортини олиб қўйгани учун чегаралардан чиқа олмаётганидан шикоят қилган Қодир Қоя. Полиция маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг ҳеч бирида паспорт бўлмаган, уларнинг паспортлари аввалроқ мамлакатдан чиқиб кета олмаслиги учун олиб қўйилган бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, бу шахслар қайиқ орқали аввалига Индонезия ҳудудига сузиб бормоқчи бўлишган, ундан Филиппинга ва кейин Сурияга.

"Улар Мельбурндан Квинслендга сузишган. Улар мамлакатни яширинча тарк этишга қарор қилишганди", деган полиция вакили журналистларга.