ИШИД жангарилари ва бошқа террористик гуруҳлар Яқин Шарқдан Европага йўл олган қочқинлар оқимида ўз жангариларини бу оқим билан Буюк Британияга кириб олиб, бу мамлакатда терактлар ташкил этишни режалаштириш учун юбормоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар тарқатган.

Манбанинг маълумотига кўра, террорчиларнинг бу режаси Италияда 10 май куни Европада терактлар уюштириш мақсадида тайёрланган жангарилар гуруҳи (2 нафар афғонистонлик ва 1 покистонлик) қўлга олинганидан кейин фош бўлган.

Маълум қилинишича, мамлакат жанубидаги аксилтеррор операцияси давомида карабинерлар икки нафар афғонистонлик — халқаро терроризмда гумонланаётган 23 ёшли Ҳаким Носирий ва тергов тахминига кўра, муҳожирларни ноқонуний ташишда ёрдам берган 29 ёшли Гулистон Аҳмадзойни қўлга олган. Яна икки жиноятчи қочиб кетган.

Мафияга қарши кураш бошқармасининг маълумотига қараганда, ҳибсга олинганлар ИШИД ва «Ал Қоида» террорчилик гуруҳи билан боғлиқ жиноий бирлашманинг аъзолари бўлган.

Бу гуруҳ Италия ва Буюк Британия аэропортлари, портлари, савдо марказлари, меҳмонхоналари ва бошқа жойларида терактлар тайёрлаётганлигини маълум қилган. Уларнинг мобил телефонларида Бари, Рим ва Лондонда олинган суратлар топилган.

Қайд этилишича, бу шахслар Европага қочқин мақомида кириб келган ва улар Европа ҳудудида эркин ҳаракатланишган.

Италия полицияси маълумотига кўра, бу гуруҳ ИШИДнинг Ироқ, Сурия, Фаластин ва Ливандаги вакиллари билан алоқада бўлиб турган.