Тошкент шаҳридаги Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Осиё чемпионати якунига етиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатган.

Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика уюшмаси шафелиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур қитъа чемпионатида Осиёнинг етакчи спортчилари ғолиблик учун кураш олиб боришди. 

Уч кун давом этган мусобақаларда шахсий ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида предметлар ёрдамида машқ бажариш бўйича баҳслар ўтказилди. Гимнастикачи қизларнинг ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан машқ бажариши, ижро маҳорати, мусиқа ва ритмни ҳис этиши, чаққон ва нафис ҳаракатлари мухлисларга завқ бағишлади. 

Шахсий ҳисобдаги кўпкураш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Елизавета Назаренкова кумуш медални қўлга киритди. Тажрибали спортчининг алоҳида предметларда бажарган машқлари ҳам ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. У булавада машқ бажаришда кумуш, тўпда ва ҳалқада машқ бажаришда бронза медалларни қўлга киритди. 

Осиё чемпионатида, шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Қозоғистон гимнастикачилари ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. 

Энди ушбу спорт саройида 13-15 май кунлари бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги ҳамда “Happy Caravan” халқаро турнири ўтказилади.