Режиссёр Акбар Бектурдиевнинг бюджети 1.6 миллиардни ташкил этган “Ойқиз эртаги” фильми кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Шу боис талабларга биноан илк маротаба фентези-эртак жанрида суратга олинган мазкур фильм юзасидан суҳбат уюштирдик. 

— Нега айнан “Ойқиз эртаги”? Бу мавзуда тўхталишингизга нима туртки бўлди? 

— Мен ҳар доим янги фильмни суратга олишимдан аввал, албатта, аввалги суратга олган фильмларимнинг мавзусига, жанрига эътибор бериб, улардан ажралиб турадиган фильм ишлашга ҳаракат қиламан. Охирги икки йилда суратга олинган, кинотеатрларимизда намойиш этилаётган фильмлар мавзуси бир бирига ўхшаш бўлиб қолаётгани учун ҳам бошқа мавзуда ишлаш мен учун қизиқроқ. Жумладан, танлаган мавзуимнинг қизиқроқ бўлишига ҳам аҳамият бераман. Шу боис анчадан бери фентези эртак жанрида қўл урилмаганлигини ҳисобга олиб, ўзимни синаб кўришга аҳд қилдим. 

— Фильм ғояси ва мақсади нима? Бугунги кун томошабинига нима беради? 

— Фильм она Ватанни асраш кераклиги ғоясини илгари суради. Мақсад - эзгуликнинг ҳар доим ёвузлик устидан ғалаба қозониши, шу боис фақат эзгуликка интилиш кераклигини эртак жанри орқали ёшларга сингдириш. 

— Сизга бундай катта фильмни суратга олишингизга ишонч билдиришганининг ўзи катта гап. Ўзингиз бунга қай даражада руҳан тайёр эдингиз? Чўчиш бўлмадими? 

— Албатта! Аслида ҳар бир фильмни суратга олишга киришганимизда ҳаяжон туғилади. Сабаби, бугунги куннинг талабчан томошабинининг кўнглини олиш, диққатини тортиш осон эмас. Қолаверса, жаҳоннинг эртак жанрида суратга олинган фильмларини кўрсак, жуда катта маблағ сафрланганлиги, эффект даражалари жуда ҳам кучлилигига амин бўламиз. Ўзбек томошабинлари ҳам бундай фильмларни кўрган. Шу боис иш жараёнига киришишдан аввал менда “танлаган мавзуим орқали томошабин кўнглига кира оламанми? Фильм томошабинга ёқадими? Нима демоқчи бўлаётганимни етказиб бера оламанми”, деган савол туғилади. “Ойқиз” эртаги фильмининг суратга олиш жараёнига киришдан аввал лойиҳа катта бўлганлиги боис менда ҳам ўзига яраша қўрқув бўлди. Шунга қарамай йигирма йилдан бери энди, илк маротаба ушбу фентези эртак жанрида фильм суратга олинди. Қолаверса, фильмнинг иш жараёнлари шахсан ўзимга ҳам мактаб бўлди. Шу сабабли келгусида суратга олинадиган навбатдаги фентези эртак жанридаги фильмларни суратга олишда тажрибадаги очилмаган қирраларни яхшироқ намоён этишга, хатоларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. 

— Бош ролларга нега айнан Йигитали Мамажонов ва Юлдуз Ражабова танланди?  

— Бош рол учун мўлжалланган бошқа гуруҳлар ҳам бор эди. Аммо айнан юлдуз Ражабова ва Йигитали Мамажоновни танлаганимнинг сабаби, жанг саҳналаридан институтда яхши сабоқ олганликлари, филиптомания, яъни қилич, найза жанг саҳналари (саҳна жанги)да ўзларини яхши кўрсата олганликлари бўлди. 

— Актёрлар жамоаси неча кишини ташкил этди? Албатта, жанг саҳналари ўзига яраша вақтни талаб этгандир шундайми?

— Албатта, бош қаҳрамонларга филиптомания жанг санъатидан сабоқ бериш бир оз вақт талаб этди. Қолаверса, отда юриш ва югуриш кадрларига каскадёрлар жалб этилди. Фильм жамоаси тахминан 100 кишини жалб этди. 

— Фильмнинг суратга олиш жараёни ва монтаж жараёнлари қанча муддат давом этди?

— Фильмнинг иш жараёнлари 2014 йилнинг баҳор фаслида бошланди. Сценарий устида қайта ишлаш, компьютер графикаси, жанг саҳналарини ишлаш жараёнларига 2015 йилнинг ёз мавсумида отландик. Съёмка жараёнлари тўлиқ икки йил давом этди. 

— Суратга олиш жарёнларида энг қийинчилик туғдирган саҳналар қайси бўлди?

— Оммавий жанг саҳналари ёзнинг жазирама иссиғида, Хоразм воҳасининг Ичанқалъа ва иссиқ чўл ҳудудларида суратга олинганлиги қийинчиликлар туғдирди. Ҳатто бу жараёнда бош рол ижрочиси Юлдуз Ражабова ҳушидан ҳам кетиб қолди. Тез тиббий ёрдам хизматининг борлиги эса жонимизга оро кирди.  Бундай катта лойиҳаларни суратга олиш учун ҳар эҳтимолга қарши тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш машиналари тайёр туради. Ёз ўтиб, декорацияларни қуриш қиш кунларига тўғри келиб қолди. Актёрлар юпқа либосларда рол ижро этишга мажбур бўлишди. Шундай қилиб, ёзнинг жазирамасида қийналиб, қишда совуққотиб бўлса ҳам меҳнат қилдик. 

— Келажакда суратга олиш мумкин бўлган катта тарихимиз, қанчадан- қанча буюк сиймоларимиз бор. Лекин улар ҳақида фильм суратга олишда режиссёрларимизда журъат етишмайдигандек... Сиз илк маротаба эртак жанрини суратга олдингиз. Балки, келажакда тарихий фильмга ҳам қўл урарсиз? 

— Албатта, тарихий фильм суратга олиш ҳар бир режиссёрнинг орзуси бўлса керак. Қолаверса, бу кўплаб томошабинларни қизиқтираётган ва улар кутаётган саволлардан бири, десак янглишмаймиз. Аммо шуни айтиш мумкинки, бу биз ўйлаганчалик осон иш эмас. Бунга узоқроқ вақт, катта маблағ ва тарих ҳақида яхшигина билим керак бўлади. Тарихий фильмда тарихий саҳналардан келиб чиқиб, либос, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш керак. Воқеалар кетма-кетлигини суратга олишда хатога йўл қўйиш мумкин эмас. Шу боис илк маротаба эртак фентези жанрига қўл урган бўлсам, бу мен учун тажриба майдонини ўтади. Келажакда, албатта, тарихий фильмга қўл уриб, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд ҳақида фильм суратга олишни ният қилганман. 

— “Ойқиз” эртаги неча ёшдаги томошабинлар аудиториясини қамрай олади? 

— Мен маълум бир ёшдан маълум ёшгача деб томошабинларга чегара қўйгим келмади. Фильмни исталган ёшдаги томашабин кўриши мумкин. 

— Фильм учун катта (1,6 млрд) маблағ сафрланган экан. Фильм шу кетган маблағни қоплай оладиган даражада кассабоп бўлади, деб айта оласизми?  

— Авваламбор буниси Яратганга маълум. Бу ҳақда олдиндан бир нарса дейишга ҳар бир ижодкор қўрқади. Ўйлайманки, агар фильмимизнинг ноқонуний ва рухсатсиз савдосининг олди олинса, фильмга кетган харажат қопланиши мумкин. 

— Суратга олиш жараёнлари пойтахтимизнинг қайси ҳудудларида суратга олинди?  

— Тошкент вилояти ҳамда “Ўзбекфильм” киностудиясида қурилган декорацияларда суратга олинди.  Қолган қисми Хоразм воҳасининг Ичанқалъа ва чўл ҳудудларида суратга олинди. 

— Фильм премьераси қачон бўлиб ўтиши кутилмоқда? 

— 18-19 май кунлари 

 Моҳичеҳра Эшмирзаева суҳбатлашди