АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Фрэнк Роуз Европада АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаа тизимининг жойлаштирилиши Россияга қарши қаратилмагани ва унинг стратегик салоҳиятини барбод қилмаслигини айтди. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар берди. 

"АҚШ ва НАТОнинг ракеталарга қарши мудофаа тизимлари Евроатлантика минтақаси ташқарисида жойлашган баллистик ракеталар таҳдидига қарши қаратилган", деб айтди Роуз. 

Роузнинг айтишича, "бу тизимлар Россиянинг бостириб туриш воситаларининг стратегик салоҳиятини барбод қилишга қодир эмас. АҚШ ва НАТО буни кўп марта Россияга тушунтирган". Роуз, шунингдек, Россиянинг бу борадаги хавотирлари асоссиз эканини қўшимча қилди.

Аввалроқ Россиянинг Стратегик мақсаддаги ракета қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Сергей Каракаев Россия АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаа тизимларини енгиб ўтадиган воситаларни такомиллаштириш устида иш олиб бораётганини маълум қилганди.