АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) фирибгарликлар содир этилгани тўғрисидаги бир неча хабарлардан сўнг, Туркиядаги суриялик қочқинларга айрим инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатишга барҳам берди. 

Ташкилот сайтида айтилишича, "USAIDнинг Туркиядаги бир қатор гуманитар амалиётларини тўхтатишига агентликнинг Туркиядаги идораси бош инспектори тақдим этган маълумотлар асос бўлган". 

USAID шунингдек, хусусий ва юридик шахсларни молиялаштиришни ҳам тўхтатади. Чунки ташкилот "америкалик солиқ тўловчиларнинг маблағлари ноқонуний ўзлаштирилиши ва фирибгарликка чидай олмайди". 

Бундан ташқари, ташкилот йўқотилган маблағларни қайтариш учун "имкониятидаги барча чораларни" кўришга ваъда бермоқда. 

"Айни вақтда, USAID ташкилоти сурияликларга етадиган салбий таъсирни камайтириш мақсадида ёрдам етказишнинг муқобил йўлларини топиш устида бош қотирмоқда", — дейилади ахборотномада. 

10 май куни Туркиянинг Hurriyet газетаси Американинг юқори лавозимли мулозимига асосланган ҳолда ёзишича, USAID инспекторлари Сурия учун гуманитар ёрдамларни етказиш дастури доирасида маҳсулотларни етказувчи турк компанияларига давомли равишда ортиқча маблағ тўлангани ва бунга  махфий тарзда келишиб олинганини аниқлашган. 

Шу боисдан мазкур дастурларни Туркия орқали амалга оширишни тўхтатишга қарор қилинган.