АҚШ молия вазирлиги маълумотларига кўра, ИШИД террорчилик гуруҳининг нефтдан оладиган даромадлари 2 марта қисқариб кетди ва тахминан йилига 250 млн долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Биз аввалроқ, жорий йил бошлангунгача, ИШИДнинг нефть сотишдан оладиган даромадини йилига 500 млн доллар миқдорида баҳолагандик. Фикримча, ҳозир бу даромадлар анча камроқ", деб айтди АҚШ молия вазирининг террорчилик ва молиявий разведка бўйича ёрдамчиси Дэниел Глейзер.

Глейзернинг айтишича, террорчиларнинг бу даромадлари нефть нархининг пасайиши, улар қўл остидаги объектларга зарбалар берилиши ва нефть контрабандасига қарши фаолият оқибатида камаймоқда.

Бундан ташқари, Глейзер ИШИД маҳаллий аҳолидан ўлпон олиши ҳисобига 360 млн долларгача даромад олишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу молиявий оқимларни камайтириш мушкулроқ, чунки улар жангарилар назорати остидаги ҳудудларда амалга оширилади.