11 майда кечки пайт Бразилия пойтахти Бразилиада парламент биноси ёнида мамлакат президенти Дилма Руссефф тарафдорлари бошлаган намойиш полиция билан тўқнашувлар билан якунланди. Globo газетаси сайтида маълум қилганидек, ҳуқуқ-тартибот муассасалари намойишчиларга қарши кўзни ачиштирувчи газ қўллаган.

Полициячиларнинг айтишича, намойиш иштирокчиларини тарқатиш ҳақидаги қарор улар ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакилларига шиша идишлар ва бошқа буюмлар ота бошлагандан кейин қабул қилинди. Намойишчилардан бирининг тоби қочган, у шифохонага етказилган.

Руссеффга қарши импичмент жараёнини бекор қилишни талаб қилаётган намойишлар Рио-де-Жанейро ва Сан-Паулуда ҳам бўлиб ўтди Шунингдек, бу шаҳарларда президентга қарши чиқаётганлар ҳам намойишлар ташкил этишди. Икки томон вакиллари орасида бир нечта тўқнашувлар келиб чиққан, бироқ ҳеч ким жиддий жабрланмаган.

Кутилишича, яқин соатларда Бразилия федерал сенати Руссеффни лавозимидан четлатиш бўйича овоз беради. Агар сенаторларнинг 50 фоиздан кўпи импичмент жараёнини давом эттиришни маъқулласа, президент ўз лавозимини камида 180 кунга тарк этади, мамлакат бошқарувини эса вице-президент Мишел Темер ўз қўлига олади. Унда раҳбарият алмашиши овоз беришнинг эртаси куни бўлиб ўтиши керак бўлади.

Шундан кейин сенаторлар 180 кун ичида Руссеффга қарши қўйилган айбловларни ўрганиб чиқишади. Агар юқори палата аъзолари бу даъволарни маъқулламасалар, президент ўз мажбуриятини бажаришга қайтади. Акс ҳолда Темер ҳокимият тепасида 2018 йилдаги сайловларгача қолади. Руссеффнинг ўз лавозимидан батамом четлатилиши учун бу ташаббусни сенаторларнинг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши зарур бўлади.