Бразилия президенти Дилма Руссефф мамлакат сенатида унинг импичмент қилиниши бўйича овоз берилиши якунланишини кутиб ўтирмай, президент саройидан ўзининг шахсий қароргоҳига нарсаларини олиб чиқиб кетмоқда.

Сенат 12 соатдан бери Руссеффнинг ўз лавозимидан 180 кунга четлатилиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Ҳозирда сўзга чиққан 35 сенатордан 28 таси импичмент учун овоз берди. Импичмент қабул қилиниши учун сенатнинг камида 41 аъзоси овози (ярмидан кўпи) керак бўлади.

Мексиканинг Vanguardia порталининг таъкидлашича, Бразилиадаги Planalto президентлик саройидан Руссеффнинг Palacio de la Alvorada қароргоҳига президентнинг мулки ҳисобланадиган турли суратлар ва зеб-зийнатлар ташиб бўлинди. 

Бундан ташқари, президент саройидан чиқишда қўшимча тўсиқлар ўрнатилди. Агар сенаторлар импичментни маъқулласалар, давлат раҳбари мажбуриятлари вақтинчалик вице-президент Мишел Темерга ўтади. Сўнгра сенат президентнинг истеъфога кетиши масаласини кўриб чиқади. Бунда агар сенаторларнинг учдан икки қисми (54 киши) истеъфо учун овоз берса, Руссефф ўз лавозимидан батамом кетади.