Тошкент ахборот технологиялар университетининг собиқ талабаси Жумабек Алиханов Facebook’даги Maslahat.uz гуруҳида ўз муаммоси бўйича ёзилган пост қолдирди ва гуруҳ аъзолари бўлган юрист, таълим муассасалари маъмуриятлари ходимлари ёки чет элда ўқиб келган собиқ талабалардан маслаҳат сўради.

У чет элда таълим олаётган талабага қўйилаётган тўсиқлардан шикоят қилган ва ўз постига "Чет элда таълим олаётган талабага тўсиқлар ёхуд Ўзбекистон таълим муассаларидаги қийинчиликлар ва камчиликлар" дея сарлавҳа қўйган.

Қуйида ушбу мурожаат қарийб ўзгартиришсиз келтирилган:

“Мен Жумабек Алиханов ҳозирда магистратурада ўқийман. Айни пайтда мақсадим Ўзбекистонга профессор бўлиб қайтиш ва Ахборот хавфсизлигини таъминлашда қўлимдан келганича хизмат қилиш. Лекин ҳозирда менинг таълим олишимга тўсқинлик қилаётган муаммо бор. Бу мен таҳсил олган Тошкент ахборот технологиялар университети (ТАТУ) билан ўртамизда имзоланган шартнома.

Авваламбор дипломимни бермасдан магистратурага ўқишга топширишимга тўсқинлик қилишди. Дипломни вақтинча олиш мақсадида шартнома имзоладим. Лекин ТАТУ шартномадаги шартларни бажармади. Энди эса янги ректор мендан шартнома талабларини бажаришимни сўраяпти.

Мен 2014 йили, ТАТУда бакалаврлик даражасини олиб, Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг магистратурасига мустақил равишда ўқишга киргандим. 

Инҳа университети низомига кўра, ўқишга қабул қилинган талаба диплом ва илова нусхаларига апостил қўйдириб, университетга жўнатиши керак эди.

Шу боис, грант асосида ўқиган талабаларга диплом кўчирмасини бераётган Лола опа исмли ходимадан фуқаролик паспортимни гаровга қўйиш орқали дипломнинг асл нусхасини 2 ҳафтада қайтариб бериш шарти билан сўрадим.

Аввалига Лола опа бунинг учун илмий ишлар бўйича проректор Тешабоевдан шу ҳақда аризага имзо олиб келишимни сўради. Аризага имзо қўйдириб олиб борганимда у қуйидаги гапни айтди: "Ректорни янги қарори чиқди, энди агар талаба грант асосида ўқиган булса, фақат шартнома тузганларгагина диплом берилади". 

Шундан сўнг халқаро бўлим бошлиғи Собир ака орқали қуйидаги расмда кўрсатилган шартномани имзоладим.

Гап шундаки, шартномада кўрсатилган мажбуриятларни ТАТУ бажармади. Сабаби биринчидан, мени Инҳадаги ўқишга ТАТУ юборган эмас, балки, мустақил равишда ўзим борганман. Иккинчидан, шартномада ТАТУ грант топиб бериши керак деб айтилган, лекин грантни мен ўзим мустақил топиб ютганман.

Айрим далиллар сифатида қуйидагиларни келтиришим мумкин: биринчидан, Инҳа университетига ўқишга қабул қилинишимда ТАТУ мен учун ҳеч қандай тавсиянома бермаган, ҳаттоки Инҳага мен ҳақимда бирорта e-mаil ҳам жўнатилмаган. Бундан ташқари, шартнома магистратурага ўқишга кирганимдан сўнг 1 ой 19 кун ўтиб имзоланган. 

2014/6/27 - Инҳага ўқишга қабул қилиндим;

2014/6/27 - ЖонгСеок грантини ютдим;

2014/8/15 - Шартнома имзоланган сана.

Шартномада кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганига қарамасдан ҳозирда ТАТУ мендан шартномадаги иккинчи томон бажарадиган шартларни талаб қилаяпти.

Хуллас маслаҳат беринг, мен қайси ташкилотга мурожаат қилишим, ёки қандай йўл тутишим керак?”

Талабанинг мазкур мурожаатига Тошкент Ислом университети проректори ва ТАТУ ректори ҳам жавоб қайтарган.

Тошкент Ислом университети проректори мазкур мурожаатга жавобан "бошқа давлат грантида ўқиган, лекин чет элга кетмаган талабаларнинг бу шартномани тузишига эҳтиёж йўқлигини, улар ўқишни битириб, биронта давлат ташкилотида ишлаб беришини ва давлат олдида ўз мажбуриятларини шу билан бажарган ҳисобланиши"ни айтиб ўтган.

Жумабек Алиханов эса давлат ҳисобидан таҳсил олгани ва ишлаб беришни кечиктиргани учун у билан алоҳида шартнома тузилганини маълум қилган.

Кейин Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Ўткир Ҳамдамов ва талаба ўртасида диалог тарзида мулоқот кечган.

Ректор: "Университет нима қилаётган бўлса республикамиз равнақи учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида амалга оширмоқда. Сиз имзолаган шартнома орқали сизга иш бермоқчимиз, ишлашингиз учун шароит яратмоқчимиз”.

Талаба: “Ҳурматли ректор, Ўткир Ҳамдамов. Шошқалоқлик қилган бўлсам узр сўрайман. Гап шундаки, мен ҳали магистрлик ўқишимни тамомламасдан туриб, қачон ТАТУга ишлаб берасан деб сўралди. Буни сиз ўқиган e-mail’да ҳам келтиргандим. Бу эса мени бутун фикримни ўқиш ва изланишга қаратишдан тўхтатди. Мен нима қилаётган бўлсам республикамиз равнақига қўлимдан келганича ҳисса қўшиш учун қилаяпман. Мақсадим, жаҳон стандартидаги кадр бўлиб етишиш ва Ўзбекистонни Ахборот Технологиялари соҳаларини жаҳон стандартига олиб чиқиш. Шу сабаб мен нафақат магистр балки, PhD (докторлик даражаси) ҳам ўқишни режалаштирганман”.

Ректор: "Истасангиз бошқа давлат ташкилотида ишлашингиз мумкин, лекин ҳали ТАТУ ўзининг хулосасини айтмасидан туриб ўзингиз хулоса чиқаришингиз нотўғри".

Талаба: "Аввалига мен шартномани ТАТУ мени ўқишга юборганлиги ҳақида деб ўйлагандим. Кейин (шу постдаги комментлар орқали) билсам, бу ТАТУ мени бакалаврлик гранти эвазига ишлаб берадиган 3 йилни кечиктириши ҳақида экан. Илтимос, агар буни нотўғри тушунган булсам, мени тўғирлаб қўйинг.

3 йил хоҳлаган давлат ташкилотига ишлаб беришим мумкинлигини айтиб мени жуда қувонтирдингиз. Фақат PhD олгунимга қадар мендан ҳеч нарса талаб қилишмаса, ўқишимга шароит яратилган буларди. Сизни жудаям ватанпарвар инсон эканингиз ҳақида эшитганмиз. Илтимос, имкон бўлса мени PhD олгунимча безовта қилишмаса. Шу шароитни яратиб берсангиз, давлатимиз равнақига ўз ҳиссамни қўша олардим. Вақт топиб менга ёрдам бераётганингиз учун ташаккур".

Ректор: "Биз ҳам ўқишингизни қўллаб-қувватлаймиз, керак бўлса тавсия ҳам беришимиз мумкин. Лекин магистратурани тамомлагандан сўнг PhD (Doctor of Phylosophy) ўқимасдан ишлаб кетадиган бўлсангиз, сизни чақириб олишга тўғри келиши мумкин".

Талаба: "Мен учун ҳозир энг катта ёрдам бу агар мени ҳеч ким ТАТУдан PhD олгунимча безовта қилмаса. Иш масаласи буйича фикрингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Айниқса буни ТАТУда грант буйича ўқиган ва ҳозирда чет элда ишлаётган талабаларни барчасига қўллашингиз тарафдориман".