2016 йилнинг январь-март ойларида Россиянинг нефть экспортидан олган даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баравар камайди ва 14,093 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Федерал Бажхона хизмати маълумотларига асосланиб РИА «Новости» хабар тарқатган.

Аниқлик киритилишича, бу вақтдаги экспорт ҳажмининг 13,076 млрд долларлик қисми узоқ мамлакатлар ҳиссасига, 1,016 млрд долларлик қисми эса МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Нефть маҳсулотлари экспорти ҳажми ҳам январь — март ойларида камайган ва 38,526 млн тоннани ташкил этган(9,533 млрд доллар). Бу 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 15,9 фоизга кам демакдир.

Нефть ва нефть маҳсулотларидан олинган даромад кўрсаткичлари 2004 йилдан буён энг паст даражани қайд этди.

Бундан ташқари, Urals маркасидаги нефть (Россия экспортидаги асосий маҳсулот) нархи 2016 йилнинг январь — февраль ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,7 фоизга арзонлаган ва 1 баррелига 29,69 долларни ташкил қилган.

Бундан олдинроқ, Россиянинг газ экспортидан даромади 25 фоизга камайгани тўғрисида хабар берилганди.