Axis Communications компаниясининг делегацияси жорий йилнинг 11 май куни ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига (IUT) ташриф буюрди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Axis Communications бош қароргоҳи Швецияда жойлашган бўлиб, у дунёнинг видеокузатув ечимлари бозори етакчисидир. Ушбу компания 1996 йилда илк IP видеокамерани ишлаб чиқарган.

Делегация таркибида Axis Communications компаниясининг Россия ва МДҲ мамлакатларида сотувлар бўйича директори Дмитрий Стрельцов, Марказий Осиё мамлакатларида стратегик лойиҳалар раҳбари Думан Дуйсенбаев ва ABRIS компаниясининг маркетинг директори Бахтиёр Қосимовлар бор эди.

Делегацияни IUT ректори Шерзод Шерматов қабул қилди. Музокаралар вақтида томонлар IUT ва Axis Communications компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама этдилар.

Швеция компанияси вакилларининг такидлашича, Axis Communications компанияси таълимга катта аҳамият беради ва турли таълим дастурларини таклиф этади.
Дмитрий Стрельцов IUTда Axis Communicationsнинг ечимларини тақдим этувчи махсус худуд тузиш ҳамда талабалар ва видеокузатув соҳаси мутахассислар учун ўқув семинарлари ва тадбирлар ўтказишни таклиф қилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни белгилаб берувчил “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.