Украинанинг БМТдаги доимий вакили Владимир Ельченконинг фикрича, Россия "рус дунёси" ғоясини тарғиб қилиш мақсадида терроризмни молиявий қўллаб-қувватламоқда. У Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидаги маърузасида шундай баёнот берган, деб хабар қилмоқда БМТ янгиликлар маркази. 

«Россия гибрид уруши технологияларининг кенг усулларидан фойдаланмоқда. У "рус дунёси" ғоясини тарғиб қилишда терроризмни молиялаштиришдан ҳам тап тортмаяпти. Бу неоимпериалистик ғоя бўлиб, халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари поймол этилиши, жиддий жиноятлар амалга оширилишининг олдини олмайди, аксинча уни қўллаб-қувватлайди», — деб баёнот берган Ельченко.

Унинг сўзларига кўра, «Украинага қарши гибридли агрессия»нинг муҳим кўринишларидан бири «давлат томонидан назорат қилинувчи ОАВ олиб бораётган ташвиқотдир». 

Ельченконинг қўшимча қилишича, «совет ва чор Россияси ҳамда бошқа тоталитар концепцияларга асосланган ташвиқот усуллари асосан ёшларга самарали таъсир этишда давом этмоқда».

Айтиш жоизки, Украинанинг турли даражадаги мулозимлари, Россияни терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда айблаб келади. Хусусан, 23 март куни Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Грицак «рус дунёси» ғояси ва ИШИД экстремистик ташкилоти бир-бирига ўхшаш деган фикрни билдирган эди.  

«Уларни бошқалардан устунлик ҳисси ва сабрсизлиги бирлаштириб туради. Мен нима учун бундай демоқчи эканимни барча яхши англаса керак», — деган эди Грицак. Бу баёнотдан бир кун аввал, УХХ бошлиғи Россияни Брюссель терактларида ҳам гумон қилганди. 

«Гарчи ушбу жиноят учун жавобгарлик ИШИДга ағдарилса-да, у Россиянинг гибрид уруши таркибий қисми бўлишидан ажабланмаган бўлардим», — дея баёнот берган эди Грицак. 

Бунга жавобан, Россия бош вазири Дмитрий Медведев УХХ раҳбарини "аҳмоқ" деб атаган, Россия президент девони раҳбари Сергей Иванов уни дегенератликда айблаганди.