11 май куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бошланди.

Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу форум илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини таъминлайдиган муҳим воситалардан бирига айланди. Жорий йилги ярмаркада тақдим этилган қарийб 650та янги лойиҳанинг 70дан ортиғи ёш олимлар ва талабаларга тегишлидир. 

Олий ўқув юртлари талабалари ярмаркада фаол иштирок этмоқда. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Наманган муҳандислик-технология институти, Фарғона политехника институти, Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқа олий ўқув муассасалари ўнлаб янги ишланмаларни тақдим этган.

Ярмаркада Тошкент ахборот технологиялари университетининг 4-курс талабаси Шуҳрат Аъзамов ўзи ишлаб чиққан янги мобил дастурни тақдим этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

«Мен “Dovezu.uz” янги мобил дастурини ишлаб чиқдим. Бу дастур биргаликда саёҳат қилиш учун ҳамроҳ топишга ёрдам беради», — деди ёш ихтирочи.

Ярмаркада намойиш этилаётган янгиликларнинг 130таси саноат, 116таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган, 130дан зиёд ишланма ва илғор технологиялар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика учун мўлжалланган, 89таси ахборот технологиялари, яна 34таси илм-фан ва таълим соҳасидаги янги дастурий маҳсулотлардир.

Маълумот учун, шу вақтгача ўтказилган саккизта инновацион ярмаркада умумий қиймати 112,6 миллиард сўмлик 3,1 мингдан ортиқ шартнома имзоланган эди. Мазкур шартномаларнинг амалга оширилиши натижасида 59 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 55 турдаги тажриба намуналари тайёрланиб, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжалигига илмий-техник ёрдам кўрсатилган.

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.