Жанубий Корея миллий мудофаа вазирлиги расмий вакили Мун Сан Гюннинг сўзларига кўра, КХДР исталган вақтда навбатдаги ядро синовини ўтказишга шай, деб хабар қилмоқда "Ёнхап" агентлиги. 

«Расмий Пхеньяннинг эҳтимолий ядро синовига бизнинг қарашимиз аниқ ва ўзгармасдир. Шимолий Корея Пангири синов полигонидаги тайёрлов ишларини якунлаган. Биз у ердаги воқеалар ривожини кузатиб боряпмиз», — деб хулоса қилган Мун Сан Гюн.

Агентлик манбалари сунъий йўлдошдан олинган суратларга таянган ҳолда таъкидлашларича, полигон ҳудудида транспорт воситалари ҳаракати ва бошқа фаолиятлар кузатилмоқда. Аввалги ядро синовлари олдидан шунга ўхшаш ҳаракатлар қайд этилган. КХДР навбатдаги синовини ўтказишга «техник жиҳатдан тайёр». Синовнинг ўтказилиши эса, сиёсий вазият ва Шимолий Корея раҳбариятининг уни қандай талқин қилишига боғлиқдир. 

18 апрель куни расмий Сеул, шимолий қўшнилари бешинчи ядро синови ўтказиш мақсадида фаоллашаётганини маълум қилган эди. Жанубий Корея синов КХДР Меҳнат партиясининг навбатдаги съезди арафасида ўтказилишини тахмин қилганди. 23 апрель куни эса, Пхеньян ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Ли Су Ён, агар АҚШ Жанубий Корея билан ҳарбий машғулотларга барҳам берса, унинг мамлакати ҳам ядро синовларини тўхтатишга тайёрлигини билдирган эди. Икки кун ўтгач, АҚШ президенти Барак Обама КХДР таклифини рад этди. 

Таъкидлаш керак, Корея яриморолидаги зиддият йил бошидан бери таранглашмоқда. Кескинлик 6 январь куни кучая бошлади. Ўша куни расмий Пхеньян водород бомбасини муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида баёнот берди. Кейинроқ КХДР бир неча маротаба баллистик ракеталар парвозини амалга оширди. Бу, ўз навбатида, жаҳон ҳамжамиятининг жиддий танқидларига сабаб бўлди. БМТ эса, Шимолий Кореяга нисбатан қатъий жазо чоралари қўллади.