Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши борасида келишувга эришилган. Қирғизистон футбол федерацияси томонидан маълум қилинишича, икки терма жамоа 2 июнь куни Тошкент шаҳрида учрашади. Бу ҳақда Қирғизистондаги cissoccer.com нашри хабар тарқатган.

Бундан олдинроқ, Қирғизистон термаси 2 июнь кунига Ливан термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши белгиланганди, аммо ливанликлар ташаббуси билан бу учрашув бекор қилинган ва қирғизистонликлар Ўзбекистон футбол федерациясига юзланишган.

Айни пайтда Ўзбекистон ФИФА рейтингида 66-ўринда, Қирғизистон эса 100-ўринда қайд этилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалар даражасида шу вақтгача 5 марта учрашган. Ўйинларнинг барчасида ўзбекистонликлар ғолиб бўлишган, тўплар нисбати - 22:2.

Қирғизистонликларнинг 2та голи 1992 йили Бишкекда ўтган баҳсда Асилбек Момунов ва Олег Козмирчук томонидан урилган.

Қайд этиш керакки, Қирғизистон терма жамоасининг илк расмий учрашуви айнан Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўтказилган. Бу ўйин 1992 йилнинг 23 августида бўлиб ўтган ва унда Ўзбекистон 3:0 ҳисобида устун келган.

Аввалроқ хабар берилганидек,  Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам июнь ойида бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши режалаштирилган. Улардан бири 8 июнь куни Австриядаги йиғин давомида Канада терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.