9-13 май кунлари Япониядаги Рицумейкан Осиё-Тинч Океани университетида Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилди.

Тадбир доирасида Рицумейкан Осиё-Тинч океани университетининг турли давлатлардан бўлган талабалари ўзбек миллий рақсини ижро этишди.

Тадбир иштирокчиларидан бири Барно Вафаева ўзининг Facebook'даги тармоғида байрам видеоси билан бўлишди.

ОАВнинг хабар беришича, рақсларда Ўзбекистон, АҚШ, Япония, Индонезия, Ҳиндистон, Вьетнам, Хитой, Корея, Франция ва бошқа мамлакатлардан келган 40 нафар атрофидаги талаба қатнашган. 

Видеода қизлар ва бошларига дўппи кийиб, белларига белбоғ боғлаган йигитлар ўзбек қўшиқларига миллий рақсга тушишгани тасвирланган. 

Рицумейкан университети - Беппу шаҳрида жойлашган Япониядаги энг катта хусусий университетлардан бири. У ерда 83та мамлакатдан келган 2500дан ортиқ талаба таҳсил олади. Маълум қилинишича, ҳар йилда университетда маълум бир мамлакатнинг маданиятига бағишланган "Халқаро ҳафта" ўтказилади.