Читада фаррош бўлиб ишловчи Елена Анисина "Комсомольская правда" газетаси журналистларига машҳур "Алёнка" шоколадида унинг болаликдаги сурати тасвирланганини билдирди. 

"Уч ёшлигимда онам билан кўчада кетаётган эдик, қаршимиздан мухбирлар чиқиб қолишди. Улар мени фотоаппаратларида бир неча марта расмга олишди, ўша пайт ўзим ширингина қизча бўлганман, бошимда рўмолчам ҳам бор эди". "Ойиси, қизингиз шоколад ўрамқоғозида чиқади", деб кетишган.

Товон пули сифатида аёл "Красный Октябрь!"дан 200 миллион рубль ёки 3 миллион доллар ундириш ниятида, у шунингдек, экспертизадан ўтишга тайёр эканлигини билдирди. Маълум бўлишича, аёлнинг онаси бу воқеани эслай олмайди, аммо аёлнинг ўзи хотираларининг ҳақиқат эканлигига ишончи комил. 

Аслида шоколад ўрамқоғозида мусаввир Николай Маслов томонидан журналист Александр Геринаснинг қизи тасвирланган, дея ҳисобланарди. 2000 йилда Елена Геринас "Красный Октябрь!"дан 5 миллион рубль ундирмоқчи бўлган, бироқ суд шоколад устидаги қиз портретини мустақил тасвирий санъат намунаси сифатида тан олган.