Испанияда 12 май куни кечаси автомобиль шиналаридан иборат жуда катта чиқиндихона ёна бошлади. Бу ҳақда Efe агентлигига таяниб ТАСС хабар қилди. 

Нашрнинг маълумотига кўра, ёнғин содир бўлган жой Сесенья (Кастилия-Ла-Манча автоном вилояти) ҳамда Вальдеморо (Мадрид мухтор вилояти) муниципалитетлари оралиғида жойлашган. Ёнғин тахминан маҳаллий вақт билан соат 01:20да (Тошкент вақти билан 04:20) бошланган.

Ўтган йилнинг октябрь ойи маълумотига кўра, уюмда ўртача 100 мингта шина бўлган. Воқеа жойида 21та ўт ўчириш бўлинмаси ҳамда иккита вертолёт ёнғин билан кураш олиб борган. 

Айни пайтда ёнғин ўчоғи осмонида қуюқ қора булутлар ҳосил бўлмоқда. Ёнғин натижасида азият чекканлар тўғрисида маълумот берилмади. Яқинроқда жойлашган аҳоли яшаш пунктлари ҳали кўчирилмади, бироқ Сесенья муниципалитети раҳбарияти қироллик фуқароларини уйларидан чиқмасликка ва уйга заҳарланган ҳаво кирмаслиги учун дераза ойналарини ёпиқ сақлашга чақирди. Бундан ташқари, маҳаллий мактабларнинг бирида машғулотлар тўхтатилган. 

Иккала мухтор вилоят ҳокимиятлари авария-қутқарув хизмати ишларини назорат қилиш учун жума кунига белгиланган дастурларни бекор қилди. Ёнғин сабаблари ҳали аниқланмади.