АҚШ президенти Барак Обама май ойи сўнггида Японияга расмий ташрифи чоғида Хиросима бомбардимони учун узр сўрашга мажбур эмас. Аксарият японияликлар жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровномада ушбу фикрни маълум қилди. Бу ҳақда The Japan Times хабар қилди. 

Сўровнома иштирокчиларининг 62 фоизи Обама кечирим сўрашга мажбур эмаслигини билдирди, улардан 41 фоизи АҚШ лидерини ядро қуролининг тарғиб этмаслик мажбуриятини зиммасига олишга чақирди. 38 фоиз аҳоли эса Обама узр сўрашга мажбур деб ҳисоблайди.

Шу ўринда сўровнома қатнашчилари Оқ уй раҳбари Хиросима ва Нагасаки бомбардимони хато бўлганини тан олишга мажбурлигини алоҳида қайд этди. 

The Wall Street Journal маълумотига кўра, бомбардимондан омон чиққанлар ҳам узр кутмаяпти. Улар Обаманинг ташрифини қўллаб-қувватламоқда ва ядро қуролининг кенг тарқалишига тўсқинлик қилишига умид билдирмоқда. 

“Мен нобуд бўлганларнинг жасадларини кўрганман. Фарзандини йўқотган ота-оналар, ота-онаси нобуд бўлган болаларни кўрганман. Умид қиламанки, ўз ташрифи чоғида Обама бошқа бундай фожиа такрорланмаслигига ишонтира олади”, - деди 82 ёшли Рейко Ямада. 

Нашр хабарига кўра, Оқ уйда Обама кечирим сўрамаслиги ҳамда унинг ташрифини узр сифатида қабул қилмасликни таъкидлашган.