Эрон Маданият ва ислом йўналиши вазири Али Жаннатий маълум қилишича, Эрон фуқаролари бу йил Саудия Арабистонига ҳаж сафарини адо этиш учун бора олишмайди, чунки Ар-Риёд Эрон ислом республикаси зиёратчилари учун керакли шароит яратиб беришдан бош тортган. Бироқ қироллик ҳукумати бу маълумотни инкор этди.

"Эрон - Ҳаж бўйича битим имзолашдан бош тортган ягона мамлакат. У бизга бир қатор талаблар қўйди", - деди Ҳаж зиёратини ташкиллаштириш вазири Муҳаммад Бинтин "Ал-Ихбария" телеканали эфирида.

Қироллик бошқаруви билан боғланган "Сабқ" янгиликлар порталининг аниқлик киритишича, Эрон ислом республикаси ҳукумати Саудия Арабистони томондан Эрон фуқароларига Эрон ҳудудида визалар беришни талаб қилган. 

Бундан аввал Эрондаги тегишли идоранинг раҳбари "саудияликлар Эрон зиёратчилари ҳаж сафарини адо этиши учун шароит яратиб беришдан бўйин товлаганлари"ни маълум қилганди.

Жаннатийнинг таъкидлашича, Эрон Саудия Арабистони ҳукумати билан тўрт ой давомида ҳаж билан боғлиқ ташкилий ишларни ҳал қилишга ҳаракат қилган. Бир қатор масалаларни муҳокама қилиш учун Саудияга йўл олган Эрон делегацияси икки ойгача Саудия визаларини кутган.

Саудия Арабистони 3 январь куни таниқли шиа хатиби шайх Нимр ан-Нимрнинг қатл қилинганидан ғазабланган намойишчилар тўдаси Ар-Риёднинг Теҳрондаги элчихонаси ҳамда Машҳаддаги консуллик ҳудудига бостириб кирганликларидан сўнг Эрон билан муносабатларини узди. 

Саудия Арабистонида Эрон консуллигининг йўқлиги боис қироллик Теҳроннинг визалар, парвозлар, зиёратчиларнинг хавфсизлигини ҳамда уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлашга доир талабларни қондиришдан бош тортди.