12 май – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топган кун! Шу қутлуғ сана муносабати билан университет Маданият саройида “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” деб номланган катта анжуман бўлиб ўтди. 
– Дунёда машҳур университетлар кўп, бироқ айнан Миллий университет мақомига эга бўлганлари саноқлигина, – деди ректор Шуҳрат Сирожиддинов анжуман иштирокчиларини ЎзМУнинг 98 йиллиги билан муборакбод этар экан.

Айтиш жоизки, бу университет 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб аталган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.

Айни пайтда университетда 11 та факультетида 66 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2 та илмий тадқиқот институтлари, 1 та илмий-тадқиқот маркази, 1 та илмий марказ, 4 та ўқув-илмий комплекс, 18 та лаборатория (Функционал полимерлар кимёси, Макроциклик бирикмалар кимёси, Табиий бирикмалар кимёси, Полимерлар кимёси, Кукунсимон полимер материаллар, Мембраналар биофизикаси, Стратиграфия ва чўкинди жинслар литологияси, Магматизм ва геодинамика, Пахта генетикаси, Биотехнология, Экспериментал ва татбиқий геофизика, Фильтрация, Социологик тадқиқотлар, Компьютер лингвистикаси, Физик-химик методлар) ҳамда илмий мактаблар фаолияти самарали давом этмоқда.

Шу жумладан, университетда 3 та ТЕМПУС, 2 та Эрасмус Мундус, 2 та илмий ҳамда 2 та хорижий олий таълим муассасалари билан икки томонлама шартномалар асосида кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда университетимиз олимлари Европа комиссиясининг янги Эрасмус+ лойиҳалари танловида қатнашиб 3 та (2 таси миллий, 1 таси минтақавий) лойиҳани қўлга киритди.