"Вильярреал" клуби яримҳимоячиси Денис Суарес кейинги мавсумдан "Барселона" сафида тўп суради, деб хабар бермоқда Sport интернет-нашри.

Нашр маълумотларига кўра, икки клуб бу масала бўйича келишувга эришдилар ва Суарес каталон клуби таркибига 25 майда "Барселона" ва "Севилья" ўртасидаги Испания кубоги финалидан кейин келиб қўшилади.

Клублар ўртасидаги келишувга кўра, "Вильярреал" агар "Барса" Суаресни учинчи бир клубга яқин икки мавсум ичида сотадиган бўлса, бундан олинган пулдан маълум фоизини олади. "Вильярреал" биринчи мавсумда сумманинг 75 фоизини, иккинчи йилда 25 фоизини олади. "Барселона" Суаресни сотиб олиш учун эса 3 млн 250 минг евро тўлайди.

Суарес Испания чемпионатининг жорий мавсумида 32 та ўйинда тўп суриб, 4 та гол урган ва 4 та голли узатма амалга оширган.