Златан Ибраҳимович футболчилик фаолиятини якунлагач, "ПСЖ" тизимида ишлаш учун қайтади

Спорт 13 Май 2016 2878

"Пари Сен-Жермен" жамоасининг швециялик ҳужумчиси Златан Ибраҳимович жамоа раҳбарияти билан футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин клуб тизимида ишлаш бўйича оғзаки келишиб олган. Бу ҳақда жамоа сайтидаги хабарга асосланиб AFP хабар тарқатган.

Бугун 34 ёшли футболчи "ПСЖ"ни мавсум якунида тарк этиши ҳақида расман маълум қилди.

"Ибраҳимович ўтган 4 мавсум давомида жамоада энг яхши футболчилардан бири бўлди. У футболчилик фаолияти якунланганидан кейин жамоа раҳбариятида ишлайди. У жамоанинг Европадаги энг кучли клублардан бири бўлиши учун ўз салоҳияти билан ёрдам бера олади", дейилган хабарда.

"Мен бу йиллар учун ғурурлансам бўлади. Мен бу жамоада ўтказилган ҳар бир кундан роҳат олдим. "ПСЖ" кейинги вақтларда дунёдаги энг кучли жамоалардан бирига айланиб борди ва мен бу жараёнда иштирок этганимдан мамнунман. Лекин йўлни ўзгартириш вақти келди. Мен худди қироллардек келгандим ва афсоналардек кетмоқдаман", деган футболчининг ўзи.

Ибраҳимович парижликлар сафида ўтказган тўрт мавсуми давомида 11 совринни, жумладан 4 карра мамлакат чемпионлиги, уч карра чемпионатнинг энг яхши футболчиси унвонларини қўлга киритди. Бундан ташқари "ПСЖ" тарихидаги энг яхши тўпурарга ҳам айланди. 

Турли нашрларда берилган хабарларга кўра, футболчи янги мавсумда АҚШ чемпионати вакили "Лос-Анжелес Гэлакси"да ёки Европадаги "Милан", "Манчестер Юнайтед" бошқа бир қатор грандлардан бири сафида давом этиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар