АҚШ президентларининг янги самолёти Boeing 747 бўлиши кутилмоқда. Пентагон самолётни ишлаб чиқишга буюртма берди, "Биринчи рақамли борт" 2024 йилда парвоз қилиши мўлжалланган. 

Америкада янги президент сайловларига тайёргарлик кетаётган бир пайтда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) янги президентни дунё бўйлаб олиб юрадиган "Биринчи рақамли борт"(Air Force One) самолётини ишлаб чиқишга киришиб кетишди.  

АҚШда асосий бортларни алмаштириш тез-тез рўй берадиган ҳодиса эмас, бу самолётлар аниқ бир президентга мослаб қурилмайди. Бугунги кунда Барак Обамага Boeing 747-200B модификацияли иккита самолёт хизмат кўрсатмоқда.  

2015 йилнинг январида Boeing 747-8 янги президентлик самолёти бўлиши тўғрисида маълум қилинган эди. 

Агар самолётни йиғиш режа бўйича кетса, АҚШнинг бўлажак президентларидан бири 2024 йилда ундан хизмат сафарларида фойдаланади. Самолёт 30 йилча хизмат кўрсатиши кўзда тутилмоқда.

Икки самолёт ҳам мамлакатнинг биринчи рақамли кишиси хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаш мақсадида сўнгги технологияга биноан жиҳозланган. Самолётларнинг умумий қиймати ошкор этилмади. Оқ уйнинг расмий сайтида жойлаштирилган ҳужжатларга кўра, бугунги кунда президент фойдаланаётган самолётлар кучли электромагнит зарбларга чидамли электроника билан бойитилган. 

2010 йилда ҲҲК ҳисоботига асосан икки Boeing 747-8 самолёти ҳам тезкор учишга 56 фоиз тайёр бўлиши мумкин, ҳозирги Boeing 747-200 эса 28 фоиз.