Аргентинанинг собиқ президенти Кристина Фернандес де Киршнерга қарши жиноий иш қўзғатилди, деб ёзмоқда La Jornada газетаси.

Судья Клаудио Бонадио собиқ президент Киршнер, собиқ иқтисодиёт вазири Алекс Кисиллоф ва Марказий банкнинг собиқ раҳбари Алехандро Ванолига айблов эълон қилди. Улардан ҳар бирининг 1 млн долларлик мулкига тақиқлов қўйилди.

Айблов маълумотларига кўра, Марказий банк долларни фьючерс савдоларида пасайтирилган нархда сотган. Бу турли компания ва бакнларга АҚШ долларини 10 песодан сотиб олишга имкон берган. Бу орада мамлакатнинг янги президенти Маурисио Макри миллий валютани кескин девальвация қилишга қарор қилди ва энди бир доллар 14,4 песони ташкил қилмоқда. Курслардаги фарқ давлатга етказилган зиёнга мосдир.

Марказий банк автоном ташкилот бўлса-да, судьянинг фикрича, бу операцияларни собиқ президент ва собиқ иқтисодиёт вазирининг кўмагисиз амалга ошириб бўлмасди. 

Фернандес де Киршнер мамлакат президенти лавозимида 2 муддат ўтирган.