Бангладешда яшин уришидан камида 35 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Биргина Пабна шаҳрида 8 кишининг вафот этгани маълум қилинди. Сиражгандж ва Ражшахи округларида 10 киши, Кишоргандж ва Брахманбархия округларида 8 киши ҳалок бўлди. Пойтахт Даккада ёмғир ёғаётган бўлишига қарамай футбол ўйнаётган икки нафар талаба вафот этди. Яна етти кишининг ўлими мамлакатнинг бошқа худудларида қайд қилинди. Табиий офат қурбонларининг катта қисмини очиқ далада ишлаётган фермерлар ташкил қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Бангладешнинг бир қатор минтақаларида бир ҳафтадан бери жазирама кузатилганидан кейин ёғингарчилик юз берди.

Табиат ҳодисаларидан ҳисобланмиш момақалдироқдан сўнг пайдо бўладиган чақмоқ инсон ҳаёти учун жиддий хавф экани тан олинади. Маълумки, чақмоқдан сўнг тушадиган яшин очиқ ҳавода бўлган инсон ва ҳайвонларга катта таҳдид солади. Кўп холларда яшин дарахт ва темирйўлларга ўрнатилган трансформатор қурилмалари устига тушади ва ёнғин келтириб чиқаради. Баланд дарахтлар яшинларнинг асосий нишонидир. Шу сабабли ёғингарчилик ва момақалдироқ вақтида дарахтлар, айниқса сайҳонликда турган ёлғиз дарахтлар тагидан паноҳ топиш ҳавфлидир. Шу билан бирга дарахтлар биноларни яшин урушидан сақловчи табиий мослама экани тан олинади. Бинолар яқинига ўтқазилган яшил дарахтлар яшинни қайтаради. Шуни таъкидлаш керакки, яшин урган дарахтлардан яхши мусиқа асбоблари ясалиши ҳам сир эмас.

Яшиннинг бинолар ичига кириши асло мумкин эмас. Бироқ яшин шари очиқ деразалар орқали уй ичига хам кириши мумкин, деган қарашлар мавжуд. Яшин телевизор ва радио антенналари, телефон симлари учун ҳам хавфлидир. Шу сабабли момақалдироқ вақтида уй телефонидан фойдаланмаслик тавсия қилинади. Сув қувурларига ҳам яқинлашмаслик лозимлиги айтилади. Мутахассислар момақалдироқ вақтида барча электр жиҳозлари ўчирилиши керак дея маслаҳат беришади.

Самолётларга келадиган бўлсак, ҳаво кемалари момақалдироқлар фаоллиги кузатиладиган минтақалардан парвоз қилмасликка ҳаракат қилинади. Тўғри, йўловчилар зиён кўрмайди, бироқ самолётларнинг ташқи қисмига зиён етиши, радиоалоқа, навигация қурилмалари ва электроникасини ишдан чиқариши мумкин. 2010 йилнинг 14 августида Колумбия авиакомпаниясигна тегишли самолётни қўниш вақтида яшин уради. Ўшанда 114 киши жарохат олиб, бир киши ҳалок бўлган эди.

2011 йил 12 май куни Лондондаги Хитроу аэропортида «Emirates» авиакомпаниясига тегишли Airbus A380ни яшин урди. Ҳеч ким зиён кўрмади. 2015 йилнинг 7 апрелида Исландия пойтахти Рейкьявикдан АҚШнинг Денвер шаҳрига парвоз қилаётган Icelandair авиакомпаниясига тегишли самолётни яшин урди. Статистика маълумотларига кўра, ҳар йили момақалдироқ вақтида ҳар бир самолёт бир неча бор яшин билан тўқнашади.

Шуни таъкидлаш керакки, замонаввий Boeing, Airbus русумли ва харбий самолётлар электр разрядларидан ҳимоя қилинган. Бу русумдаги самолётлар об-хаво қандай бўлишидан қатьий назар парвоз қилиш имкониятларига эга.

АҚШнинг Виржиния штатида истиқомат қилувчи Рой Салливанни 7 марта яшин урган. Шу сабабли ҳам у Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган. Уни илк бор 1942 йилнинг июнь ойида яшин урган эди. Шундан кейин 1969 йилда, 1970 йилда, 1972 йилда, 1973 йилда, 1976 йилда ва ниҳоят 1977 йилнинг 25 июнида яшин урди. Барчасида енгил жарохат олди. Сўнггиси эса анча хавфли бўлди. Салливан касалхонга ётқизилди. Энг қизиғи, у ўз ажали билан бу дунёдан кетар экан, дафн маросимида кучли момақалдироқ кузатилди. Яшин тушиши оқибатида қабр тоши иккига бўлиниб кетди. Видолашишга келганлар ҳазил аралаш “назорат яшин уриши бўлди” дейишди.

Амеркалик ва англиялик олимлар бир-бирларидан бехабар ҳолда яшин уриши билан боғлиқ холатларни ўрганишди. Яшин асосан эркаклар устига тушишини аниқлашди. Инглиз олимларининг фикрича, яшин урганларнинг 85 фоизини эркаклар ташкил қилади. Америкаликлар эса бу рақам 87 фоиз деб айтишади. Бунинг сири нимадалиги хамон аниқланмаган.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳар йили жаҳонда яшин уришидан, айрим маълумотларга кўра 6 минг, бошқа маълумотларга кўра 24 минг киши вафот этиб, 240 мингга яқин киши жароҳат олади. Ер юзида ҳар сонияда 2 мингга яқин момақалдироқ бўлиб, 50 маратоба яшин уриш ҳодисаси рўй беради. Ер шарининг ҳар бир квадрат метрига бир йилда олти марта яшин тушар экан. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 600 мингдан бир холатдагина яшин одамлар устига тушади. Бироқ йил сайин бу рақам ортиб бормоқда экан. Жабрдийдаларни худди ток ургандек бўлади. Улар ҳушини йўқотиб, қулаб тушади. Шайтонлаш аломатлари кузатилади. Юрак уруши тўхтаб қолади.

Шарофидин Тўлаганов