АҚШнинг Флорида штатида ит 7 ёшли қизча ва унинг бувисини шақилдоқ илоннинг чақишидан асраб қолди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Қизча ва кекса аёл ўз уйларидаги ҳовуз ёнида бўлганларида уларнинг ҳовлисига илон кириб қолган. Уй эгаларининг Хаус лақабли немис овчаркаси зотидаги ити илонни пайқаб қолиб, қиз ва унинг бувисини илондан ҳимоя қилган.

Заҳарли жонзот итни чақиб олган. Овчарка оғриқдан увиллаб, оқсоқлана бошлаган. У зудлик билан ветеринарга олиб борилган.  Клиникада шифокор итнинг танасида илон чаққан учта изни аниқлаган. 

Шақилдоқ илон хавфли илонлардан ҳисобланади, унинг заҳри одамнинг ўлишига олиб келиши мумкин. Илоннинг бундай номланишига унинг думида ўзига хос, ҳаракатчан сегментлардан иборат шақилдоғи борлиги сабаб бўлиб, бу шақилдоқ бир томондан иккинчи томонга тебранганда, ундаги сегментлар бир-бирига тегиб, ўзига хос товуш чиқаради.