Шимолий Корея Республикаси марказий газетаси "Нодон синмун" АҚШ президенти Барак Обаманинг Хиросима шаҳрига ташриф буюришига оид режаларини кескин танқид қилиб чиқди. Япон шаҳрига 1945 йил август ойи бошида атом бомбаси ташланган эди. Корейс газетасига кўра, расмий Вашингтоннинг ядро қуролидан холи дунё яратишга оид чақириқлари "иккиюзламачилик ва виждонсизликнинг энг юқори кўринишидир", деб ёзмоқда Япониянинг Киодо ахборот агентлиги.

""Ядросиз дунё"га чақиришдан кўзланган мақсад, - ўзининг ядровий жиноятчи эканини яширишдан бошқа нарса эмас", - дейилади "Нодон синмун" нашри мақоласида. Унда, шунингдек, "ядро қуролидан холи дунё барпо этиш" ғояси аслида, фақатгина АҚШ ядро қуролига эга бўлган дунёни яратиш режасининг узвий қисмидир, деган фикр илгари сурилган. 

Эслатиб ўтамиз, Барак Обама 26-27 май кунлари Япониянинг Исэ-Сима миллий боғида бўлиб ўтадиган "катта еттилик" саммитидан сўнг, Хиросимага бориш фикрини билдирган эди. Шу боисдан ҳам, АҚШ президентининг ушбу сафари таҳлилчилар томонидан тарихий аҳамиятга молик дея баҳоланмоқда. Ахир 70 йилдан кўпроқ вақтдан бери Америка етакчиси, инсоният тарихидаги илк ядро қуроли фойдаланилган жойга ташриф буюрмаган эди. 

Шунга қарамай, Обама Хиросимага ташрифи чоғида узр сўраши кутилмаяпти. Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнестнинг сўзларига кўра, мазкур ташрифни ҳам узр сўраш, дея талқин қилиш нотўғри бўлур эди. 

Ижтимоий сўровларга кўра, японларнинг аксарияти узр сўраш шарт, деб ҳисобламайди. Бироқ улар ядро қуролидан ростакамига воз кечиш режасини қўллаб-қувватлашади. Киодо агентлигининг ёзишича, Хиросима ва Нагасакининг кўплаб фуқаролари, 2009 йили "халқаро дипломатия ва инсонлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлагани" учун Нобель мукофотини олган Барак Обама президентлиги даврида ядро қуролидан қутилиш йўлида аниқ қадам ташланишига ишонишмайди. 

Айни вақтда, хибакусялар (атом бомбардимонларида тирик қолган ва нурланиш хасталиклари билан хасталанган кишилар)нинг баёнот беришларича, Обама вақтлироқ келиши ва узр сўраши керак эди. 

"Унинг Хиросимага шунчаки келишидан маъно йўқ. У музейга ташриф буюриши, хибакусялар билан учрашиши ҳамда ҳодиса кўламини англагач, кечирим сўраши керак эди", - деб хибакусялар ташкилоти вакили Тэруми Танаки сўзларини келтиради "Асахи" газетаси. 

"Хоҳлардимки, атом бомбаси қўллаган давлатнинг олий даражадаги вакили сифатида хибакусялар бошидан кечирган дард-аламларни ҳис қилсин. Унинг ҳукумати 71 йил муқаддам нима қилиб қўйганини тушунсин", - деб бошқа бир ташкилот вакили Хироси Симидзу сўзлари билан ўртоқлашган Киодо агентлиги. 

Тарихга бир назар
1945 йил 6 августи тонггида Америка ҳарбий ҳаво кучларининг B-29 (Б-29) бомбардимончи самолёти Хиросима шаҳрига 4 тонналик "Митти" номли уранли бомбани ташлади. Унинг портлашидан бир онда 70 мингдан 100 минггача инсон ҳаётдан кўз юмган. 

Тирик қолганларнинг аксарияти ҳам нурланиш хасталикларидан ҳалок бўлган. Ўша пайтларда, кўпчиликнинг атом радиацияси сув ва ерда узоқ вақт қолишидан, нурланишни даволаш усулларидан хабари бўлмагани ҳам қурбонлар сони ортишига олиб келган. Умуман, 2015 йил 6 августи маълумотларига кўра, Хиросима фожеасидан қурбон бўлганларнинг умумий сони 297 684 кишини ташкил этади. 

Япониянинг Нагасаки шаҳри Хиросимадан кейин Америка атом бомбаси ташланган иккинчи шаҳар бўлди. 1945 йил 9 августида Хиросимага ташланган бомбадан 2 марта кучлироқ плутонийли бомбанинг портлаши 70 мингга яқин инсоннинг ёстиғини қуритган (шаҳар рельефининг ноқулайлиги ва бомба ташлаш ўрни тўғри танланмагани, гарчи кучлироқ қурол бўлса-да,  қурбонлар сони бирмунча кам бўлишига олиб келган). Аммо бу рақам кун сайин, йил сайин ортиб борди ва 2015 йилги маълумотларга кўра, 168 767 кишини ташкил этди. 

Бугунги кунда 180 мингдан ортиқ хибакусялар бомбардимонлардан сўнг орттириб олган нурланиш касалликларидан азият чекади.