АҚШнинг Pizza Hut пиццериялар тармоғи Африка қитъасидаги Килиманжаро тоғи чўққисига пицца етказганидан кейин рекордчилар рўйхатига тушди. Бу ҳақда Guinness World Records хабар бермоқда.  

Пиццериялар тармоғининг бош директори бошчилигидаги ходимлар жамоаси тажрибали 4 нафар йўлбошловчи ёрдамида 5800 метрлик баландликка кўтарилишди. Пицца махсус ясалган қутида етказилган.

Сўнгра пицца тоғ чўққисида тановул қилиниб, жамоа шу тариқа пиццани энг баланд нуқтага етказиш бўйича рекорд ўрнатди.

Гиннесс рекордлар китобининг расмий ҳаками Танзанияга рекордни текшириш ва барча тавсиялар тўғри бажарилганига ишонч ҳосил қилиш учун борди ва рекорд ўрнатилганига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлди.

Килиманжаро вулқонли тоғ бўлиб, Танзаниянинг шимолида жойлашган. Унинг Ухуру деб номланган чўққиси Африка қитъасининг энг баланд нуқтаси ҳисобланади (5895 метр). Тоғнинг номи маҳаллий халқлардан бирининг тилидан "ярқирайдиган тоғ" деб таржима қилинади.