Қирғизистон Президенти: “Мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга бўлган ҳар қандай уринишга қарши кескин чоралар кўрилади”

Жаҳон 14 Май 2016 3700

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, мамлакатдаги кўплаб сиёсатчилар Қирғизистон танлаган йўлдан норози. 

"Улар адолатли воситалар ёки инсонлар уларга ишонмай қўйганликлари сабаб ҳокимиятга кела олмасликларини яхши тушуниб туришибди. Шу боисдан ҳам, мамлакатдаги вазиятга раҳна солиш ва ҳокимиятни қандай бўлмасин эгаллаш учун турли чораларни кўрмоқда. Бунинг учун зўравонлик, қон тўкишлар ва қотилликлардан ҳам тап тортишмайди", - деган давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг аксар аҳолиси "Халқ парламенти" ташкилоти аъзолари қўлга олинганидан хабардор. 

"Улар ўзаро суҳбатларида 17 май куниёқ мамлакат раҳбарияти ўзгариши хақида мақтанишган, бунинг учун жангчилар ва қурол-яроғлар етиб келгани хусусида сўзлашган".

"Улар ортларида хорижий махсус хизмат генераллари турганини ошкора таъкидлашмоқда. Навбатдаги пул маблағлари юборилганидан хурсандчиликларини яширишмаяпти", - деб давом этган Атамбаев.

Унинг фикрича, уларнинг бундай қилиқлари "жонга теккан". 

"Демократия - бу қонун устиворлигидир. Агар сиз қирғиз халқи Атамбаевнинг истеъфосини хоҳлаётганини таъкидлайдиган бўлсангиз, марҳамат президентга ишонч билдириш бўйича референдум ўтказишингиз мумкин. Ваъда бераман, ташаббусингизни қўллаб-қувватлайман. Халқ менга қарши овоз бергудек бўлса, лавозимимдан кетаман", - дея сўз берган Қирғиз раҳбари.

"Бироқ ҳозирча мен давлат раҳбари эканман, яна бир марта огоҳлантирмоқчиман: бундан буён мамлакат барқарорлигига раҳна солмоқчи бўлганларга қарши кескин чоралар кўрилади ва улар қонунга мувофиқ жазо олишади. Ҳеч кимнинг боши силаб қўйилмайди, - деб қайд этган Атамбаев. -Мухолифатга хорижий махсус хизмат генераллари ёрдам кўрсатаётганига келсак, бу борада бир нарсани айта оламан. Бизнинг ота-боболаримиз, аждодларимиз улар ҳақида соддагина қилиб, ватан хоини дейишган".

Қирғизистон махсус хизматлари 12 май куни "Халқ парламенти"нинг 3 нафар аъзосини, мамлакат ҳокимиятини эгаллашга уринишликда айблаб қўлга олган эди.

Кўпроқ янгиликлар