Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин Россия президенти Владимир Путин унинг қийшиқ тақилган бўйинбоғи борасида берган танбеҳига ҳазиломуз изоҳ берди. 

"Менда НАТОдаги фаолиятимдан кейин беихтиёр бўйинбоғни ён томонга тақиб юриш одати пайдо бўлган. Бўйинбоғларни уни еб қўювчилардан асрашга тўғри келган", деб ёзди Рогозин Facebook’даги саҳифасида.

13 майда Сочидаги йиғилишда Путин Рогозиннинг ташқи кўриниши борасида танбеҳ берган. Рогозининг тиғиз қилиб тортилмаган ва ён томонга қийшайиб қолган бўйинбоғи  Путиннинг эътиборини тортган.

"Бўйинбоғингни тортиб ол", деб айтган Путин йиғилиш бошида Рогозин ёнидан ўтиб кетаётганда. У тезда бўйинбоғини тортиб олиб, президентга миннатдорона бош силкитиб қўйган.

Рогозин 2008-2011 йилларда Россиянинг НАТОдаги доимий вакили бўлиб ишлаган. Рогозин "бўйинбоғ еювчилар деб" Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилига ишора қилган. 2008 йилда Саакашвили Жанубий Осетияга қўшинлар олиб кирган, бироқ Россиянинг аралашувидан кейин Грузия қўшинлари у ердан сиқиб чиқарилган.

Ўша кунларда юз берган ҳолатлардан асабий ҳолатда бўлган Саакашвилининг телефон суҳбати давомида ўз бўйинбоғининг учини оғзига солиб чайнаётгани  камералар томонидан қайд қилинган ва бу кейинчалик кўплаб кинояларга сабаб бўлган.