Ўзбек терини қайта ишлаш ва оёқ кийимлари ишлаб чиқариш корхоналарини бирлаштирувчи "Ўзбекчармпойабзали" ассоциацияси жорий йилда хорижда ўзининг 12 та савдо уйини очишни режалаштирмоқда, дея маълум қилган ташкилот вакили Sputnik Ўзбекистон мухбирига. 

Бу йўналишда Москва асосий шаҳар ҳисобланади. Бу ерда бешта шундай нуқта очилиши кутилмоқда. 

"Гарчи Ўзбекистон учун 39 фоизлик кўрсаткич билан Хитой асосий экспорт бозори бўлсада, 12 фоизлик Россия бозори асосий ўрин тутишининг бош сабаби, бу ерда тайёр маҳсулотлар савдоси биринчи ўринда туради. Хитойликлар эса, асосан хом-ашё ва полуфабрикатлар харид қилади. Россияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган эркаклар пойабзали анчагина машҳур. Шу йилдан эътиборан, болалар оёқ кийимлари савдоси ҳам йўлга қўйилган ва уларга талаб ортиб бормоқда", — деб қайд этган агентлик манбаси. 

Россиядан сўнг, Қозоғистонда 4та шундай савдо уйи очилади. Сўнгра, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойда биттадан савдо уйи ташкил этилади. 

Маълумотларга кўра, 2016 йил биринчи чорагида ўзбек чарм-пойабзал корхоналари 22,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлишган. Бу ўтган йилги шу даврга нисбатан 4,3 фоизга кўп демакдир. Умуман, бу йил уюшма 190 млн долларгача маҳсулот экспорт қилишни режалаштирмоқда. 

2020 йилга келиб эса, экспорт географияси кенгайиб, 16та мамлакатни ташкил этади.  Жорий йилда 11 та мамлакат билан маҳсулот етказиб бериш борасида шартномалар имзоланган.