Бугун, футбол бўйича Англия чемпионатининг охирги тур учрашувлари ўтказилди. Мавсум чемпионлиги масаласи ва лигани тарк этувчи жамоалар номи аввалги турларда ҳал бўлгани туфайли охирги турда мавсумнинг кучли тўртлиги қай тариқа кўриниш олиши маълум бўлиши керак эди.

Мавсум давомида кучли тўртликни тарк этмаган Лондоннинг «Арсенал» жамоаси 38-турни турнир аутсайдери ва лигани биринчи бўлиб тарк этган «Астон Вилла» жамоасини қабул қилди.

Бу учрашув арафасида «Арсенал» ҳисобидаги очколар сони 68та эди ва жамоа учинчи ўринда жойлашганди. Иккинчи ўринни эса мавсумнинг охирги қисмига қадар пешқадам «Лестер» билан биринчи ўрин учун рақобатлашган «Тоттенҳэм» 70 очко тўплаган ҳолда жойлашганди.

«Шпорлар» ҳам охирги турни кейинги мавсумни чемпионшипда ўтказадиган «Ньюкасл»га қарши ўтказди.

Лондонда кечган учрашувда мезбонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва очколари сонини 71тага етказишди. Ньюкаслдаги учрашув эса «Арсенал»нинг иккинчи ўрин учун рақобатчиси «Тоттенҳэм»нинг йирик ҳисобдаги (1:5) мағлубияти билан якунланди. Натижада «Арсенал» иккинчи ўринни эгаллади, «Тоттенҳэм» учинчи ўринда қолди.

Арсенал – Астон Вилла 4:0
Голлар: 1:0 – 5 Жиру, 2:0 – 78 Жиру, 3:0 – 80 Жиру, 4:0 – 90, автогол Банн.
Арсенал – Чех, Габриэл, Монреаль, Бельерин, Косьельни, Коклен, Касорла (Кэмпбелл, 88), Озил (Артета, 88), Уилшер (Эль-Ненни, 69), Санчес, Жиру.
Астон Вилла –    Банн, Бакуна, Тоунер, Лескотт (Ричардс, 65), Лайден (Грилиш, 75), Гуйе, Санчес, Синклэйр, Вествуд, Сиссоко, Айю.
Огоҳлантириш: Санчес (39).