Гватемала ҳукумати Белиз армияси вакилларини гватемалаликни қўлга олиш вақтида ҳаддан зиёд зўравонлик унсурларини қўллаганликда айблаб чиқди.

Гватемала фуқароси 2 дўсти билан Белиз таркибидаги ҳудудда ноқонуний равишда минерал моддалар қазиб олаётган вақтида қўлга олинган.

Белиз ҳукуматининг билдиришича, гватемалалик мачете билан аскарларга ташланган ва улар ҳимояланишга мажбур бўлишган. Гватемала ҳукумати эса бу баёнотни инкор қилмоқда.

Белиз ва Гватемала ўртасида қарийб 150 йилдан буён ҳудудий низо мавжуд. Гватемала томони ўз ҳудудининг 12,2 минг кв км қисми қўшни давлатга ўтиб қолганини иддао қилади.

Апрель ойида Гватемала гватемалалик ўсмир қўшни давлат томонидан узилган ўқдан ҳалок бўлиши туфайли Белиз билан чегарада 3 минг нафарга яқин ҳарбийсини жойлаштирди.

Белиз эса Гватемала ҳарбийларининг чегарага бу қадар яқин жойлаштирилиши икки мамлакат муносабатларидаги вазиятни янада қалтислаштирганини қайд этди.