Хован қабристони ҳудудида келиб чиққан тартибсизликлар оқибатларини бартараф этиш мақсадида 300 нафарга яқин полициячи сафарбар этилган ҳамда муштлашувда қатнашганларнинг 111 нафари ҳибс қилинган. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига асосланган ҳолда Интерфакс хабар тарқатган.

Манбанинг сўзларига кўра, Хован қабристони ҳудудига пойтахт полициячиларидан 252 нафари ва шаҳар атрофи ҳудудидан 40 нафар полициячи юборилган.

Қўшимча қилинишича, тартиббузарларни қўлга олиш жараёнида ҳавога ўқ узишга тўғри келган.

Воқеа ҳудудида Калашников автомати топилган, турли калибрдаги 51та гильза ердан териб олинган. Шунингдек, муштлашув иштирокчиларидан пичоқлар, арматура бўлаклари, болталар, кастетлар ҳамда калтаклар олиб қўйилган.

Маълум қилинишича, тартибсизлик вақтида қабристон хизматчиси бўлган 22 ёшли тожикистонлик Сухроб Хушаков ўточар қуролдан олинган жароҳат туфайли ҳалок бўлган. 42 ёшли эркак эса калтакланиш туфайли вафот этган. Бундан ташқари, яна бир номаълум шахс автомобил уриб кетиши туфайли жон берган. Шунингдек, 26 киши жароҳатланган, уларнинг ярмидан ортиғи ўққа учган. Айни вақтда 14 киши шифохонада бўлиб, улардан бири, ўқотар қуролдан жароҳат олган 16 ёшли ўсмирнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Бўлиб ўтган ҳодиса туфайли Россия федерацияси Жиноят кодексининг 115 ("Олдиндан режалаштирилган ҳолда икки ёки ундан ортиқ кишининг қотиллиги"), 222 ("Ноқонуний равишда қурол сақлаш") ва 213-моддаси ("Олдиндан режалаштирган ҳолда гуруҳ бўлиб безорилик қилиш") бўйича жиноий иш очилган. 

14 май куни Москва шаҳридаги Хован қабристонида рўй берган оммавий муштлашувда 200 киши иштирок этган.

Манбаларда айтилишича, дафн қилиш маросимининг ўрта осиёлик бўлган ишчиларига доғистонлик ва чеченистонлик гуруҳлар ҳужум қилган.

Қабристон маъмуриятидаги манбанинг сўзларига кўра, катта қабристонга хизмат кўрсатиш мўмайгина даромад келтиради, можаро ҳам шу туфайли келиб чиққан.

"Бир томондан — ўзини ҳимоя қилаётганлар сифатида — муштлашувда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган. Улар қабристонда ишлашади. Хизмат кўрсатувчи ходим сифатида. Уларга ҳужум қилганлар эса Доғистон ва Чеченистон фуқароларидир. Доғистонликлар ва чеченлар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини бу ердан ҳайдаб чиқариб, ушбу ҳудудни эгаллаб олмоқчи бўлган”, — дея манбанинг сўзларини келтиради Спутник агентлиги.

Манба маълумотига кўра, режалаштирилаётган ҳужум ҳақида барча олдиндан хабардор бўлган.

"Бу ҳужум олдиндан режалаштирилган ва бизга, қабристон ишчиларига нисбатан қаратилган. Улар (ҳужум қилганлар) қабристонга ҳар томондан бостириб кела бошладилар ва мижозлар кўз ўнгида бизни дўппослай бошладилар, машиналардан туриб ўққа тутдилар.

Биз ҳужум режалаштирилаётгани ҳақида хабар олганимиздан сўнг, албатта, раҳбариятга мурожаат қилгандик. Қабристонга посбонлар қўйилди. Ҳатто, бир неча кун давомида ОМОН бизни қўриқлади. Бугун, ОМОН жангчилари олиб ташланганидан бир неча соат ўтиб улар югуриб кела бошлашди. Улар ҳаммани, ҳатто аёлларни ҳам калтаклашди", — деб ҳикоя қилади қабристон ишчиларидан бири.

ТАСС хабарига кўра, муштлашувда иштирок этган Тожикистон фуқаролари бўлган 40 чоғли кишига депортация қилиниш хавфи таҳдид солмоқда.

Айни вақтда қабристон ёпиб қўйилган. 

Муштлашув чиққан Хован қабристони директори ўз лавозимидан бўшатилди