Москва полицияси шаҳардаги барча 78та қабристоннинг молия ва хўжалик соҳасидаги фаолиятида содир этилгани эҳтимол қилинган қонунбузарликлар бўйича текширувлар бошлади. Бу текширувлар Ҳован қабристонида ўрта осиёликлар ва кавказликлар ўртасида ҳудудга эгалик қилиш бўйича бўлиб ўтган қонли тўқнашув ортидан бошланди. Бу ҳақда шаҳар ИИВ раҳбарига асосланган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар тарқатган.

Полициядагиларнинг қайд этишича, айни вақтда Ховандаги муштлашув иштирокчиларини қўлга олиш бўйича тадбирлар давом этмоқда. Шунингдек, қабристоннинг хўжалик ишларини юритиш билан шуғулланган маъмурияти текширилмоқда.

Пойтахт шаҳар полицияси бу соҳадаги хизматлар кўрсатиш билан шуғулланган бошқа 30га яқин фирмани ҳам текширишга киришган.

Охирги маълумотларга кўра, Ховандаги тўқнашув иштирокчиларининг 112 нафари тутиб, маҳкамага келтирилган. Улардан баъзилари бошқа исм остида ҳаракатланган, 12 нафар кишининг ҳужжатлари йўқлиги қайд этилган, яна 15 киши миграцион қонунчиликни бузгани аниқланган.

14 май куни Москва шаҳридаги Хован қабристонида рўй берган оммавий муштлашувда 200 киши иштирок этган. Чеченлар ва доғистонликлар қабристонда хизмат қилувчи ўрта осиёлик муҳожирларга ҳужум қилиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 29 киши жароҳатланган. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Қабристон маъмуриятидаги манбанинг сўзларига кўра, катта қабристонга хизмат кўрсатиш мўмайгина даромад келтиради, можаро ҳам шу туфайли келиб чиққан.