Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида киноактёрлар билан учрашувлар ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар талабаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Яқинда “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” шиори остида ўтказилган талаба-ёшлар фестивали доирасида бир гуруҳ таниқли киноактрисалар билан давра суҳбати бўлиб ўтди. 

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар томонидан юрт мустақиллиги йилларида яратилган қатор фильмлар ёшлар дунёқарашини муносиб шакллантиришга хизмат қилаётганини, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашда миллий кино санъатининг ғоят муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. 

Кўпсонли мухлислари қалбидан жой олаётган киноактрисалар Гулхумор Абдуллаева, Сўғдиёна Азимова ва Ситора Олимжонова янги-янги фильмлар яратиш йўлида амалга ошираётган ишлари, бу борада эришилган ютуқлари ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида сўзлаб берди. 

Давра суҳбатида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.