Англия чемпионатининг охирги турига белгиланган "МЮ" ва "Борнмут" баҳси бошланиш вақти "Олд Траффорд" стадиони ҳудудида аниқланган пакет туфайли 45 дақиқага кечиктирилди.

Ўйин Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланиши керак эди.

Бу хабардан, ўйин бошланишига 10 дақиқа қолганида стадионга кириб бўлган мухлислар эвакуация қилиниши бошланган ва ўйин номаълум муддатга қолдирилган.

Айни вақтда ҳодисанинг бошқа тафсилотлари билдирилмаяпти.

Маълумот учун, "Олд Траффорд" стадионида ўйин бекор қилиниши ҳодисаси охирги марта 2004 йили мавсумлар оралиғидаги ўртоқлик учрашувлар вақтида содир бўлганди. Ўшанда Япониянинг "Урава Ред Даймондс"га қарши учрашув кучли бўрон туфайли бекор қилинганди.

Қайд этиш керакки, "МЮ"нинг мавсумнинг иккинчи даврасида 10 апрелда "Тоттенҳэм"га қарши, 10 май куни "Вест Ҳэм"га қарши сафар учрашувлари жамоа белгиланганидан 45 дақиқа кеч бошланганди. Биринчи ҳолда жамоа автобуси Лондон кўчаларида тирбандликка дуч келгани учун стадионга кечикиб борган, иккинчи ҳолда жамоа автобусини лондонлик мухлислар тошбўрон қилишганди.

Бугунги ўйинда жамоанинг кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш-этмаслиги масаласи ҳал бўлиши керак эди. Жамоа кейинги мавсуда ЕЧЛда иштирок этиш учун охирги турда ўз учрашувида ғалаба қозониши ва параллел равишда кечадиган "Суонси" ва "Манчестер Сити" учрашувида уэльсликлар ғалабасига умид қилиши керак бўларди.